Маълумки, асал минг дард гадаво. Унинг организмга фойдали хусусиятини одамзод эрамиздан аввалги йилларда ҳам билган. Ибн Синонинг “Тиб қонуни” асарида асал ёрдамида даволаш усуллари ҳақида кўп ёзилган.

Бугун ҳам юртдошларимиз саломатлик йўлида асалдан қандай фойдаланишни яхши биладилар. Чунки, асал минг йиллик тажрибадан ўтган, ўзининг шифобахшлик жиҳатлари билан ҳали ҳануз инсониятни ҳайратга солаётган табиат неъматидир. Тажрибадан аёнки, агар асални доривор гиёҳларга аниқ белгиланган меъёр асосида аралаштирилган ҳолда малҳам тайёрланса, доривор ўтлар ёки улардаги моддаларнинг организмга таъсир доираси ва кучи ортади. Бунинг сабаби, асал хужайраси организмга тўлиқ сўрилиши, асал ўзидан ҳеч қандай ёмон асорат қолдирмаслиги, аксинча, доривор гиёҳнинг шифобахшлик хусусиятларини ўзида сақлаб қолиб, уни янада тўйинтириб, организмдаги касалланган ҳужайраларга бешикаст етказиб беради. Бу фикрлар табобат илмида ҳам, замонавий тиббиёт нуқтаи назаридан ҳам ўз исботини топган.